chilonzor.toshkent.uz Chilonzor.Toshkent.Uz - XIX Асрнинг Иккинчи Ярми - XX Аср Бошларида Тошкентнинг
Фотогалерея
Видеогалерея
XIX асрнинг иккинчи ярми - XX аср бошларида Тошкентнинг

1.3.Ободончилик ва маиший хизмат (давоми)

1896 йилда Бельгия жамияти вакили Э. Дени билан 45 йилга кўнка (отлар билан ҳаракатланадиган бир вагонли транспорт воситаси) йўли қуриш ҳақидаги шартнома тузилди. Э.Дени ўз хуқуқини «Тошкент Трамвай» Бельгия аноним жамиятига топширди. Шаҳарда кўнка 13 йил фаолият кўрсатди ва икки йўналиш бўйича ҳаракат қилди. Биринчи линия 1901 йил 30 мартда , иккинчиси 1903 йил 5 апрелда очилди.  Унинг умумий узунлиги  9 верст 90 сажен йўл бўлиб, 30 вагон, 170 хизматчи ва 230 оти бор эди[1].1900 йилда ташилган йўловчилар 1089 минг нафар одамни[2], 1909 йилда эса 4.843.407[3] нафар одамни ташкил этди.
Конка темир йўл вокзалидан “эски” шаҳардаги бозоргача ва Романовская кўчасидан (ҳозирги Буюк Турон )“янги” шаҳардаги Сергиев черковигача (ҳозирги Ҳ.Олимжон майдони) хизмат қилган.
1907 йил 27 августда шаҳар думаси Тошкентда электр трамвай ўтказишга “Тошкент Трамвай” Бельгиянинг жамияти билан шартнома тузишга қарор қилди[4]. 1908 йил сентябрида мазкур шартнома янги линиялар очишни кўзда тутувчи режалар билан тузилди.  Концессия муддати 45 йил эди. 1926 йилда шаҳар “Тошкент Трамвай» Бельгия жамиятидан трамвай сотиб олиш хуқуқига эга эди.
1910 йил 17 августда Куропаткин (ҳозирги Лохутий) ва Гогол ( ҳозирги Я.Ғуломов) хиёбонлари оралиғидаги жойда электр станцияси биносига асос солинди. Техник назоратни мухандис В. С. Гейнцельман олиб борди.
Электр трамвайи ҳаракати 1912 йил 29 декабрда очилди.  Тез ва қулай транспорт воситаси ҳисобланган трамвайлар кўчани кўнка вақтидаги 230 отга қараганда камроқ ифлослантирарди.
Воскресенский бозоридан турли томонларга умумий узунлиги 20 верст бўлган етти трамвай линияси тарқаган.[5] Агар 1912 йилда жамиятнинг “конка” трамвайидан ялпи тушум 260 минг рублни ташкил этган бўлса, 1913 йилда электр қувватига ўтилгач у 504 минг рублгача ўсди. Йўловчиларни ташиш ҳам кескин ошди. 1912 йилда у 5323 нафар одамни ташкил этган бўлса, 1913 йилда йўловчилар сони 10 млн. нафардан ошиб кетди[6]. Енгил извошлар шаҳар транспортининг энг кенг тарқалган турларидан бири бўлган. 1909 йилда улар 355, 1910 йилда эса 387 нафар извошчи хизмат қилган. Бундан ташқари керосин ташувчи извошлар бўлган. 1909 йилда улар 221 та, 1910 йилда 151 та бўлган. Юк ташийдиган ўзбек арбалари кўп эди. Икки катта-катта ғилдиракли арба 30 пудгача юк кўтарган. Арбакаш отга миниб олган. Шундай от арбалардан шаҳарда 1909 йилда 805 та, 1910 йилда 870 та эди[7]. Яна шаҳарда юк ташиш бўйича бир неча идора ҳам бўлиб, улардан бири Тошкентнинг “эски” қисмида жойлашган.
XIX аср охирида шаҳарда велосипед пайдо бўлди. Н. А. Маевни ёзишича: “Энди Тошкент кўчаларида велосипедчини кўриш мумкин эди, хиёбонларда ҳар доим қариндошлариникига ёзги таътил ўтказиш учун кадетлар, гимназиячилар ва бошқа ўқувчилар велосипед учириб юрар эдилар”[8]. Шаҳар ҳокимияти “транспортнинг қулай ва ёқимли ҳаракат воситаси” сифатида велосипеддан фойдаланишни маъқуллар эди.[9] 1892 йилда «Тошкент велосипедчилар жамияти» ташкил этилган бўлиб, у велосипедни халқ орасида тарғиб қилишга ёрдам бериши керак эди. Жамиятни ҳарбий вазир Ванновский томонидан тасдиқланган низоми ишлаб чиқилган[10]. Низомга кўра жамият ўз аъзолари, уларнинг оилалари ва меҳмонлар учун баллар, маскарадлар, рақс ва мусиқа, вокал ва адабий кечалар, саҳна томошалари ва турли мусобақалар, масалан, шахмат, велосипед спорти, конқки ва хоказо бўйича мусобақалар уюштириши лозим эди[11]. Кўриниб турибдики, жамият фаолиятига ўз расмий функғиясидан ишидан узоқ вазифалар ҳам кирган бўлиб, бу фойдадан холи эмасди. Айрим маълумотларга кўра, шаҳарда велосипедчилар адади 1909 йилда 614, 1910 йилда 762 тани ташкил этган[12].
Шаҳар ҳаётида телефон, почта-телеграф тармоғига шартнома асосида  1904 йил 9 январда асос солинди.  У шаҳарга 18 йил, яъни 1922 йил 9 январгача тармоғни қуриш ва фойдаланишга хуқуқ берувчи ҳукумат билан шартнома тузиш асосида қурилган эди. 
Тошкентнинг тянги қисмида телефон 1892 йилдан ишлай бошлаган. Аввалига у фақат ҳарбий муассасалар ва ҳарбий идора бошлиқлари учунгина мўлжалланганди. 1893 йилда ундан шаҳар бошлиғи ва полиция  бошқармаси фойдаланган. 1904 йил 1 сентябрдан унинг хизмат доираси кенгайган. Шаҳарда 180 абонент бор эди[13]. 1912 йилда абонентлар сони 710 тага етди, шулардан 97 таси бепул эди. Шаҳар телефони 8 ёшга тўлганида унинг абонентлари сони 4 баравар ортди. Бундан ташқари, шаҳарда 4 та телефон-автомат бор эди: темир йўл вокзалида, Тошкент темир йўл товар станғиясида, Воскресенкий бозорида ва шаҳар бошқармасида[14].1907 йилда телефон тармоғини икки симли кабелл тизимига ўтказиш ва абонентлар сонини кўпайтириш масаласи кўндаланг қўйилди. Телефон тармоғини қайта жиҳозлаш шартномаси “Тошкент Трамвай” Бельгия аноним жамияти билан тузилди ва бу ишга шаҳарга беғараз 45 минг руб миқдорида ссуда берилди. Барча ишлар қиймати 77810 рубни ташкил этарди. 1907-1908 йилларда 58516 рубл сарфланиб, деярли барча зарур нарса сотиб олинганди. Телефонни қайта жиҳозлаш 1912 йилда тугалланган.  Натижада у 1000 абонентга хизмат қила бошлаган[15].
1914 йилда 970 абонент бўлган, улар миқдорининг камайишига сабаб: айрим ҳарбий қисмларнинг кетиши ва сафарбар этилишидир. Ҳаво кабелларининг умумий узунлиги 22,5 верст, ерости кабели-4 верст эди. 33 телефончи қиз, 5 коммутатор, 15 шогирд қиз бўлган[16]. 1910 йилдан телефон даромад келтира бошлаган. 1907 йилда улар 27638 рубл, 1908 йилда 17372 руб, 1911 йилда 14129 руб, 1913 йилда 17806 руб. бўлган[17].2 Шуни таъкидлаш жоизки, шаҳар телефон хизмати харажатлари катта бўлган. 1908 йилда у 17372 рублни[18],1904-1908 йиллар ичида 193.332 рублни, даромадлар 171501 рублни ташкил этган[19].
Телефон тармоғи оз бўлсада шаҳарнинг “эски” қисмига ҳам ўтказилган. У ерда 54 абонент бўлиб, 1900 сажен узунликдаги ерости кабели эски шаҳар бозори ўртасидаги кабел қутичасига жойлаштирилган[20].
Телефон тармоғининг Тошкент шаҳар телефонига умумий тавсиф беришга ҳаракат қилган мудир маълумотларига кўра “икки симли тармоқ қайта жиҳозланиб, ваколатли шахслар фикрича яхши ва равон ишлай бошлаган, у Россиянинг кўп шаҳарларидагидан анча яхши бўлган, албатта иккала мамлакат пойтахти ҳамда Варшава, Одесса каби шаҳарлар бундан”мустасно. У ерларда сигнал тизими марказий батарея бўйича ишлаган[21].
1912 йилда телефон тармоғи 72 верстга чўзилган, шундан 11 верстини ҳаво кабели ва 5 верстга яқинини ерости кабели ташкил этган[22].
1873 йилда Тошкент билан Чимкент, Авлиёота, Верний, Семиплатинск ва Омск ўртасида телеграф алоқаси ўрнатилган. 1875 йилда телеграф симлари Тошкентдан Хўжандга, ундан Қўқон ва Самарқандга ўтказилган. Кейинчалик телеграф алоқаси ўлканинг барча йирик шаҳарларини бир-бири билан боғлаган.
1884 йилда Тошкент билан Каттақўрғон орқали Бухоро ўртасида телеграф алоқаси очилган. 1885 йилда Оренбург, Омск ва бошқа шаҳарлар орқали Марказий Россия билан телеграф алоқаси ўрнатиш режалаштирилган[23]. Туркистон телеграф округи бошқармаси Тошкентда жойлашган. 1897 йилда почта идораси телеграф станғияси билан ягона муассасага бирлаштирилган.
I класс Тошкент почта-телеграф идораси ана шу тариқа юзага келган.
Шуни таъкидлаш жоизки, почта бўлими 1868 йилда коммендантлик бошқармаси қошида қурилганди[24]. Кейинчалик у анча ривожланди. 1906 йилдаги маълумотларга кўра шаҳар: Чимкент, Туркистон, Перовск ва вокзали орқали борувчи ва Оренбург   билан алоқани таъминловчи, у орқали эса Россиянинг турли губерналари билан боғловчи Тошкент-Теракли йўли; Тошкентга Еттисув вилояти билан боғловчи Чимкент-Қораболта йўли; Фарғона вилояти билан алоқани ўрнатувчи Тошкент-Хўжанд йўли[25] каби почта йўлларига эга бўлган.
Шундай қилиб, почта йўллари ва телеграф линиялари шаҳардан шимол, ғарб ва жанубга тарқалиб, уни жануби-шарқий Россия, ғарбий Сибир губерния шаҳарлари ва Туркистон ўлкасининг жанубий вилояти билан боғланган[26].
Қушхоналар очилиши шаҳар санитария-ветеринария ҳолатини анча яхшилади.  Тошкент “янги” қисмида биринчи қушхона 1880 йилда қурилди. 1893 йилда яна бир қушхона қурилди. Бу ҳар иккала иншоотнинг техник даражаси ғоят паст эди. 1908 йилда анча мукаммал жиҳозланган янги қушхона очилган эди. Унинг қиймати 362 минг рубл турган. 1913 йилда сўйилган молларнинг умумий миқдори 211 минг бош қорамол, от, қўй ва эчки бўлган. Бу мазкур корхона миқёсининг анча кенглигидан дарак беради. У  Ўрта Осиёда ягона ҳисобланган.[27].
Шаҳарда ҳаммомлар, меҳмонхоналар, ресторанлар, сартарошхоналар ҳам фаолият кўрсатган. 1912 йилда аҳолига қуйидаги ҳаммомлар хизмат қилган: Ғентралқная ҳаммом (ҳозирги Бухоро кўчаси), Слуғкая ҳаммоми, Московская ( ҳозирги Амир Темур кўчасида) ҳаммоми ва ҳ.к.
Шаҳарда “Россия” (ҳозирги Отатурк кўчаси муюлишида), “Гранд Отель” (ҳозирги Отатурк кўчасида), “Отель Захо”(ҳозирги Матбуотчилар ва Неру кўчасида), “Туркистон”( ҳозирги Неру ва), “Привокзальная” (ҳозирги Мовароуннахр кўчасида), “Орион” (ҳозирги Ўзбекистон кўчасида), “Старая Франция” ( ҳозирги Лохути кўчаси), “Новая Франция”(ҳозирги Пушкин кўчаси) ва ҳ.к. меҳмонхоналари бўлган.: “Буфф”(ҳозирги Амир Темур кўчаси), “Швейцария” ( ҳозирги Сайилгоҳ), “Ривьера” (ҳозирги Саилгох), “Бельвю” (ҳозирги Бухоро кўчаси) ва бошқа ресторан ва қаҳвахоналар мавжуд бўлган.
1913 йилда шаҳарнинг “янги” қисмида “оддий меҳнаткаш одамлар учун мўлжалланган” ломбард очилган, аммо ундан асосан амалдорлар, зобитлар ва зиёлилар фойдаланганлар[28]. 1913 йилда ломбарднинг умумий айланмаси 402453 рубл бўлган. Бу ерга тилла, кумуш, қўлбола буюмлар ва кийим-кечаклар қўйилган[29].
Темир йўл ётқизилиши шаҳар ривожига сезиларли даражада ҳисса қўшган. У қурилгунча ўлка ва Россия ўртасидаги савдо ва бошқа алоқалар карвон йўли билан амалга оширилган. Масалан: карвонлар Тошкентга Оренбургдан 90-100 кунда етиб келган, қайтишга эса 6 ой керак бўлган. Йўл шароитлари ғоят оғир бўлиб, туя билан юк ташиш жуда қимматга тушган. Шуларни ҳисобга олиб мустамлакачилар ва савдо-саноат вакиллари ҳукуматдан Тошкентга темир йўл қуришни сўраганлар, бу эса ўлканинг ҳукмдор мамлакат учун тайёр хом ашё манбаига айланишини тезлаштирган[30].
70-йиллардаёқ К.П.Кауфман Ҳарбий вазирга қўнғироқ қилганда: “Сиздан Ўрта Осиё темир йўли лойиҳасини тезроқ амалга оширишингизни ўтиниб сўрайман, бу ўлканинг иқтисодий ривожига таъсир қилишини айтмаса ҳам бўлади, у империянинг энг сермаҳсул вилоятларидан бирига айланади, бунга фақат темир йўл етишмайди, холос. Акс ҳолда Ўрта Осиёда қўлга киритган мавқеимизни йўқотишимиз ҳеч гап эмас, сиёсий тангликлар тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади[31].Худди шундай фикрни Кауфманнинг вориси Колпаковский ўзининг 1881 йилда 2 сентябрдаги “Ўрта Осиё темир йўлини ўтказиш тўғрисида”ги ёзишмаларида: « темир йўл қурилиши на фақат Туркистоннинг маҳаллий манфаатлари, балки “умумдавлат сиёсий, стратегик ва иқтисодий муносабатларда ҳам фойдани тақозо этади»[32].”   деган эди.         Темир йўл қуриш ҳақидаги масалани муҳокама қилиш чоғида унинг йўналиши бўйича турли вариантлар яъни: Оренбургдан Тошкентга; Уралқскдан Орол денгизига ва ундан Тошкентга; Челябинскдан Троиғк орқали Тошкентга; Петропавловекдан Акмолинск, Туркистон, Чимкент орқали Тошкентга; Омскдан Карасалинскка, ундан Авлиёота ва Тошкентга[33]ча йўл қуриш ҳақида фикрлар мавжуд эди.
Олий доираларда Оренбургдан Тошкентгача темир йўл ётқизилиши маъқулланган эди. Бироқ инглизларнинг Афғонистонга тажовузи кучайиши , сиёсий ва ҳарбий-стратегик шароитларни ҳисобга олган ҳолда ҳукумат Каспийорти темир йўли қуриш зарур деб топди ва 1881 уни йилда фойдаланишга топширилди. Каспий темир йўли Ашхобод орқали 1888 йилда Самарқандгача етказилди. Шундан кейин Тошкент линияси билан Самарқанддан Андижонга темир йўли ётқизиш учун Акғионерлик жамият тузиш ҳақидаги масала кўтарилди. Тошкент шаҳар думаси Фарғона ва Сирдарё вилоятларидан Тошкентгача темир йўл ётқизиш ҳақидаги илтимос билан чиқди. Бу эса шаҳарнинг ушбу жойлар билан узвий алоқа ўрнатишига имкон яратарди.
1898 йилда Самарқанд-Андижон темир йўли (Каспий орти) ва 1901-1906 йилларда эса Оренбург-Тошкент темир йўли битказилди, кейинчалик темир йўллар Фарғона вилояти томон давом эттирилди.
Шаҳарларда темир йўл ётқизилиши билан вокзаллар, темир йўл устахоналари, линияларда эса станғиялар, янги манзилгоҳлар пайдо бўлишига олиб келди. Бу ерда асосан руслар посёлкалари ва темир йўл устахоналари вужудга келди. Бу эса ўз навбатида ўлкада рус фуқарполарининг Яна кўрайишига олиб келди.
Хулоса қилиб айтганда Россия империяси Тошкент шахрини босиб олгач, бу ерда ўзининг мустамлакачилик мавқеини мустаҳкамлаш ва Қўқон, Бухоро ва Хива хонликларига босқинчилик сиёсатини давом эттириш мақсадида Тошкент шахри «янги» қисмини таянч пунктига айлантирди. Маҳаллий ахолининг қаршилигидан хавсираган чор маъмурияти Тошкент шахрининг ёнгинасида, яъни Анхорнинг нариги томонида янги шаҳар қуришга киришди. Кейинчалик бу «янги» шаҳар Туркистон ўлкасиниг сиёсий, маъмурий ва иқтисодий марказига айланиб қолди.
Даставвал шахар ахолисининг асоси ҳарбийлар ва уларнинг оилаларидан иборат эди. Россия империясининг асосий мақсади Туркистон ўлкасини руслаштиришдан иборат эди. Шу мақсадда Россиядан Туркистон ўлкасига ерсиз дехқонлар ва мужикларни кўчириб келтириш туфайли ўлкада рус аҳолисининг сони тобора кўпайиб борди.
Тошкент “янги” қисми аҳолиси асосан руслардан иборат бўлган. Бу ерга кўчириб келтирилган рус аҳолиси учун турли имтиёзлар ва серхосил ерлар ажратилган. Вақт ўтиши билан Россиядан режа асосида ва ўз ихтиёри билан кўчиб келувчиларнинг ер ва иш билан таъминлаш муаммога айланган. Хатто эски шаҳарда ҳам  кўчиб келиб ўрнашган камбағал рус дехқонлар сони   кўпайиб борган.
Чор Россиясининг барча ҳарбий ва маъмурий бинолари, маиший хизмат кўрсатувчи корхоналар ва х.к. шахарнинг айнан «янги» қисмида жойлашган эди. Тошкент шахридаги барча қулайликлар ва янгиликлар фақатгина «янги» қисмда истиқомат қилувчи рус аҳолиси учун яратилган.
Аҳолининг кўпайиб бориши шаҳар майдонининг кенгайишига олиб келди. Шаҳар ривожи радиусли халқа лойихаси бўйича ривожланган. Унда тўғри ва боши берк кўчалар, боғлар, хиёбонлар, майдонлар, маъмурий бинолари, ҳарбий ва жамоат муассасалари, турар-жой уйлари , телефон, почта, телеграф, транспортнинг янги турлари (трамвай, темир йўл, велосипедлар, электр чироғи, маиший хизмат даргоҳлари ва ҳ.к.лар) пайдо бўлди. Чор маъмурияти бу ерда ўзи учун барча қулайликлар яратилган ва лойиҳаси билан жуда ўхшаш бўлган кичкина «Петербург»га ўхшаган шаҳар қуришни мўлжаллаган эди.
Кўчаларни таъмирлаш, ёритиш, телефон, почта, трамвай ва х.к.ларнинг барчаси шаҳарнинг «янги» қисми учун барпо этилди. Эски шахарнинг маркази ҳисобланган бозор ва унинг атрофидагина «янги» шахарликлар учун яратилган қулайликларнинг ўндан бирини кўриш мумкин эди. 
Ободончилик ишлари ҳам шахарнинг иккала қисми учун бир хилда олиб борилмади. Бу ҳолат маҳаллий аҳоли ва шахар Думасидаги туб аҳоли вакилларининг норозилигига сабаб бўлган. Чунки барча солиқ ва тўловларнинг энг кўп қисми эски шаҳар аҳолисидан олинган ва янги шахар харажати учун ишлатилган. Шунинг учун ҳам эски ва янги шахар ўртасидаги тафовут жуда катта бўлган.
Туркистон ўлкасига темир йўлни кириб келиши уни Россия саноатини арзон хом ашё билан таъминлайдиган манбага айланишига олиб келди. Чор маъмуриятининг темир йўл қуришдан асосий мақсади ўлкада стратегик жиҳатдан ўз мавқеини мустаҳкамлаш ва моддий бойликларни ташиб кетишдан иборат эди.
Туркистон ўлкасида темир йўл қурилиши муносабати билан ўлкага кўчириб келтирилган руслар сони янада кўпайиб кетди. Темир йўлларни қурилиши унинг атрофидан янги рус поселкалари ва мастерскойларнинг пайдо бўлишига олиб келди.

Хуллас чор маъмурияти Туркистон ўлкасининг бир неча Тошкент, Самарқанд, Андижон каби шахарлари ёнида «янги» шахарларга асос солиб, у ерда ўзининг мустамлакачилик сиёсатини амалга ошириш учун таянч манзилларини яратди.

 
[1] Россия марказий давлат харбий-тарихий архиви. 400 Ф. 1 рўй. 4026 иш. 22 б
[2] ЎзР МДА, 37 Ф. 1 рўй. 451 иш. 9 б
[3] Россия марказий давлат харбий-тарихий архиви. 400 Ф. 1 рўй. 4026 иш. 22 б
[4] Россия марказий тарих архиви. 1396 Ф. 1 рўй. 93 иш. 53 б
[5] ЎзР МДА 37 Ф. 1 рўй. 451 иш. 9 б
[6] Ўша жойда, 2231 Ф. 1 рўй. 165 иш. 202 б
[7] ЎзР МДА 37 Ф 1 рўй. 349 иш. 26 б
[8] Маев Н.А. кўр. Асар. 142 б
[9] Россия марказий давлат харбий-тарихий архиви. 400 Ф. 1 рўй. 1468 иш. 28 б
[10] Ўша жойда
[11] Ўша жойда
[12] ЎзР МДА 37 Ф. 1 рўй. 349 иш. 20 б
[13] Бродский Л. Кўр.асар. 57 б
[14] Ўша жойда
[15] Пален К.К. кўр.асар. 91 б
[16] ЎзР МДА 37 Ф. 1 рўй. 451 иш. 12 б
[17] Ўша жойда, 176 иш. 12 б
[18] Ўша жойда
[19] Россия марказий тарих архиви. 1396 Ф. 1 рўй. 93 иш. 53 б
[20] Бродский Л. Кўр.асар. 57 б
[21] Ўша жойда
[22] Ўша жойда
[23] Россия марказий тарих архиви. 1396 Ф. 1 рўй. 41 иш. 95 б
[24] Обзор Сыр-Дарьинской области за 1906 г. Т. 1907. 146 б
[25] ЎзР МДА. 17 Ф. 1 рўй. 24125 иш. 30 б
[26] Ўша жойда
[27] Ўз Р МДА 2231 Ф. 1 рўй. 165 иш. 64 б
[28] Луговский И. кўр. Асар. 13 б
[29] ЎзР МДА 2231 Ф. 1 рўй. 173 иш. 129 б
[30] Ахмеджанова З.К. К истории строительства железных дорог в Средней Азии (1880-1917 гг). Т. 1963 . 23 б
[31] Ўша жойда
[32] Ўша жойда
[33] Ахмеджанова З.К. асар. 25 б


Печать 10 Май 2010 Ўқилди: 1243


Ишонч телефонларига аҳоли ва тадбиркорлар томонидан тушган мурожаатлар сони

 

 

24.09.2018

ҳолати

 

Сайтга келиб тушган мурожаатлар

 

Чилонзор туманига келиб тушган мурожаатлар

 

PM.GOV.UZ Президент порталига келиб тушган мурожаатлар

 

Келиб тушгани мурожаатлар

 

515

 

 

468

 

354

 

Ижродаги мурожаатлар

 

67

 

81

 

65

 

Ижроси таъминланган мурожаатлар

 

448

 

387

 

289

 

Муддати бузилган мурожаатлар

 

27

 

12

 

17

 

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
ҚЎНҒИРОҚ ҚИЛИНГ!

Девонхона

(+9989 71) 276-66-74

Шикоятлар бўлими

(+9989 71) 276-90-04

Факс

(+9989 71) 276-90-90

 

Хабар қолдиринг

  • Тарихий обидалар
  • Тошкентнома
  • Маданият ва санъат
  • Тадбиркорлик
  • Тендер ва эълонлар